2013/2014 йилги ўқув йилидан бошлаб талабаларни тўлов-контракт
асосида ўқитиш қиймати оширилади. Бу ҳақдаги тегишли ўзгартишлар,
Xushnudbek.Uz хабарига кўра, Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2013 йил 30 июль куни тасдиқланган. Бакалавриатда
таълим олувчи талабалар орасида энг катта контракт пули – 6,750 миллион
сўмни халқаро муносабатлар; жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий
муносабатлар, шунингдек, ҳуқуқ соҳасида таълим олаётган талабалар
тўлайди. Шу соҳалар бўйича магистратурада таълим олувчи талабалар бир
йил учун 7,420 миллион сўм контракт пули тўлашади. Иқтисодиёт ва
бизнес; соғлиқни сақлаш соҳаларида контракт асосида таълим олувчи
бакалавриат талабалари 6,05 миллион сўм тўлашса (магистрлар – 6,64
миллион сўм), санъат ҳамда архитектура соҳаларидаги билим олувчи
талабалар жорий ўқув йилида 5,4 миллион сўмдан контракт пули тўлашади
(магистрлар – 5,97 миллион сўм). Шарқ филологияси, туркий тиллар
филологияси, роман-герман филологияси; журналистика ва ахборот; ахборот
технологиялари ва ахборот хавфсизлиги; қурилиш; хизмат кўрсатиш соҳаси;
транспорт соҳаларида бакалавриат талабалари бир йиллик таълим учун 5
миллион, магистратура босқичида билим олувчилар эса 5,48 миллион сўм
контракт пули тўлашади. Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар,
жумладан, касбий таълим; гуманитар фанлар; ҳаёт ҳақидаги фанлар, табиий
фанлар; математика ва статистика, амалий математика ва информатика;
ижтимоий ва аҳлоқий фанлар; муҳандислик ва муҳандислик иши, ишлаб
чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари; қишлоқ ва сув хўжалиги; ижтимоий
таъминот; спорт фаолияти; атроф муҳит муҳофазаси, ҳаёт фаолият
хавфсизлиги йўнаишларида таълим олувчи бакалавриат талабалари 4,6
миллион сўм, магистрлар эса 4,99 миллион сўм миқдорида шартнома пули
тўлашади. Xushnudbek.Uz’нинг қайд этишича, шартнома асосида таълим
олувчи талабалар учун бир қанча имкониятлар мавжуд бўлиб, улардан энг
биринчиси таълим кредитидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги
«Олий ўқув юртларида тўлов-контракт аcосида ўқиш учун таълим кредитлари
бериш тўғрисида»ги 318-сонли қарорига кўра,
2001/2002 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тўлов-контракт
асосида ўқиш учун тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериб
борилмоқда. Manba: www.kun.uz
|