Шу йилнинг 1 мартидан бошлаб Тошкент кўчалари бўйлаб қатнайдиган транспорт воситалари, хусусан, автобус ва трамвайларда йўл ҳаққи учун тўлов сифатида нақд пуллар билан бир қаторда махсус жетонлар ҳам қабул қилинади.
Бу ҳақда 27 февраль куни жамоат транспортларида эълонлар пайдо бўлган. «Газете.uz»нинг ёзишича, жетонларни ойлик йўл чипталари сотиладиган шаҳобчалардан харид қилиш мумкин. Маълумотларга қараганда, мазкур қарордан кўзланган мақсад маошининг катта қисмини ёки ҳаммасини тўлиқ пластик карталарда оладиган фуқаролар учун қулайлик яратишдан иборат. Аҳоли орасида ўтказилган сўровлар натижасида маълум бўлишича, бу имтиёз транспорт воситаларида қайтим қайтариш билан боғлиқ муаммони ҳам ҳал этади. Айтиш жоиз, жамоат транспортларида 100 сўмлик пуллар етишмовчилиги сабабли назоратчилар баъзида қайтим қайтара олишмайди ёки йўловчилардан йирик пулни майдалашни илтимос қилишга мажбур бўлишади. Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг 1 апрелидан бошлаб йўл ҳаққи 700 сўмни ташкил этмоқда.
darakchi.uz
|