Қўлқоплардан асосан совуқ ҳароратда, қўлларни иссиқ тутиш учун фойдаланамиз. Шунингдек аёлларимиз нафислик, гўзаллик намунаси сифатида ҳам кўйлакка илова тарзида қўлқопларни кийишади.
Лекин энди ушбу маҳсулот, замонавий техника вазифасини ҳам бажарадиган бўлди. Уяли телефонлардаги "Hands Free” функциясини кўпчилик яхши билади. Рассом Шон Миль томонидан ихтиро қилинган инновацион қўлқоплар айнан ушбу функцияни ижро этиш мўлжалланган.
The Daily Mail газетасининг хабар беришича, бир жуфт ана шундай қўлқопнинг нархи 1500 доллар туради.
Шундай қилиб, қўлқопнинг жимжилоқ бармоқ томонига микрофон, бошбармоқ томонига эса динамик ўрнатилган. Қўлқопни кийиб, қўлингизни ҳаммага таниш бўлган "гўшак" шаклига келтирасиз ва қулоққа тутасиз. Шу тариқа сиз қўлқопни ечмай, телефонни кўтармай, суҳбатдошингиз билан гаплашишингиз мумкин бўлади. Бунинг учун қўлқоп Bluetooth орқали телефон билан алоқа ўрнатади. Ушбу янгилик исталган турдаги уяли телефонлар учун мос келади.
Ихтиронинг расмий тақдимот маросими июл ойига мўлжалланган. Агар ушбу янгиликка талаб катта бўладиган бўлса, уни оммавий равишда ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Manba: Даракчи
|