Актёр Хью Лори янги саргузашт сериалда роль ижро этади.
"Доктор Хаус” сериали якунлангач, бироз танаффус қилган, барчага севимли бўлиб қолган актёр Хью Лори яна телевидениега ишга қайтмоқда. NBC телекомпанияси актёрга қароқчилар ҳақидаги янги тарихий-саргузашт сериалдан роль таклиф қилди. The Hollywood Reporter маълумотларига қараганда, Хью Лори тез орада ушбу фильмда иштирок этиш ҳақида шартнома имзолайди. 10 қисмдан иборат мазкур сериал Колин Вударднинг "Қароқчилар мамлакати” асари асосида саҳналаштирилади, воқеалар эса 1700 йилларда денгиз қароқчилиги ривожланган даврда юз беради. Хью Лори фильмда Қора соқол лақабли қароқчилар бошлиғи образида намоён бўлади. Фильм сценарий муаллифи ва продюсерларидан бири Нил Кроссдир. Мазкур фильмдаги роль Хью Лорига яна бир бора омад олиб келишига ишонишмоқда. Саккиз йил давом этган, иккита "Олтин глобус” ҳамда олтита "Эмми” мукофтига номзод бўлган "Доктор Хаус” актёрга катта муваффақият олиб келган эди. "ДокторХаус”нинг сўнгги эпизоди шу йилнинг май ойида намойиш этилди.
|