Ўйиннинг илк дақиқасидан бошлаб "Насаф" ҳужумга ташланди, деб ёзади championat.uz. Чап қанотдан ташкил қилинган ҳужумни Кенжа Тўраев жарима майдонига ёриб кириб дарвозага йўллаган зарбаси билан якунлади. Унинг зарбаси дарвоза юқорисидан ўтиб кетди. 8-дақиқада Шавкат Раимқуловнинг қўпол хатосидан сўнг рақиб вакили Шавкат Саломов вазиятдан унумли фойдаланди ва ҳисобни очди – 1:0.
13-дақиқада Фозил Мусаевнинг чамаси 25 метрлардан кучли аниқ зарбасини Нестеров қийинчилик билан баратарф қилди. 22-дақиқада Геворкян тўпни жарима майдонига кираётган шеригига оширди, Кенжа Тўраев жарима майдонига кириб бориб кучли зарба билан дарвозани нишонга олди, Нестеров тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. 25-дақиқада Кенжанинг дарвозага йўллаган зарбасини Нестеров ушлаб олди. 34-дақиқада Акмал Шораҳмедов тўпни ўнг қанотдан жарима майдонига ҳаводан узатиб берди, жарима майдони марказида ҳимоячиларнинг назоратидан четда қолган Камолиддин Мурзоев боши билан рақиб дарвозасига гол урди - 2:0.
37-дақиқада Кенжа Тўраев жарима майдони ичида ҳимоячилар таъқибида туриб дарвозага зарба берди, тўп дарвозанинг узоқ устунига тегиб қайтди, агар тўп дарвозага аниқ борганида ҳисоб ўзгарар эди. Биринчи бўлим сўнггида "Бунёдкор” жарима тўпига эга бўлди. Уни Шавкат Саломов амалга оширди, жарима майдони ичида Карпенконинг боши билан йўллаган дастлабки зарбасини Зуҳуров қайтарди, қайтган тўпни Карпенконинг ўзи дарвозага жойлаб қўйди - 3:0.
Шу тариқа "Бунёдкор" учинчи бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди.
"Бунёдкор" (Тошкент) – "Насаф" (Қарши) 3:0 (3:0) Голлар: Шавкат Саломов, 8 – 1:0. Камолиддин Мурзоев, 34 – 2:0. Виктор Карпенко, 45 – 3:0. Ҳакамлар: Р. Эрматов (Тошкент), Ж. Саидов (Тошкент), М. Саидқосимов (Тошкент), Ш. Пўлатов (Тошкент).
|