Кимё фани бўйича Халқаро Менделеев олимпиадаси ташкилий қўмитаси 2013 йилда 47-мусобақани Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Бу эса таълим муассаларида ушбу фанга тайёргарлик кўриш ишларининг жадаллашишига сабаб бўлди, деб ёзади UT.uz
Зеро, юртимиз таълим муассасалари нафақат ушбу нуфузли мусобақада қатнашиш ва балки ўтган галдаги натижаларини яхшилашни ҳам ният қилишган. Эслатиб ўтамиз, бундан 5 йил муқаддам Тошкентда кимё фани бўйича 43- Менделеев олимпиадаси ўтказилган ва унда ўзбекистонлик ўқувчилар битта олтин, битта кумуш ва 11та бронза медалларини қўзлга киритишганди. Бундан ташқари, олтин медал соҳиби Анвархўжа Мақсудхўжаев мусобақада «Энг яхши экспериментчи» номига сазовор бўлган.
Кимё фани бўйича Халқаро Менделеев олимпиадаси бу Москва давлат университети томонидан ташкил қилинадиган мусобақалардан бири бўлиб, уни иштирокчи давлатлардан бирида ўтказиш анъанага айланган. Ўзбекистон мазкур олимпиадада 1997 йилдан буён мунтазам қатнашиб келади ва 16 йил ичида мамлакатимизга иккинчи бор мусобқага мезбонлик қилиш топширилмоқда. 2008 йилда ушбу олимпиадада Озарбойжон, Арманистон, Беларусия, Болгария, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Молдова, Россия, Руминия, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Эстония ва Ўзбекистондан иқтидорли ўқувчилар иштирок этган ва у йирик ҳалқаро таълим ва илмий-маданий форум сифатида ёдда қолган эди.