Кеча Европа Лигасининг 1/16 финал дастлабки учрашувлари доирасида "Анжи" ҳамда "Ганновер 96" клублари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Қизиқарли кечган баҳс 3:1 ҳисоби билан доғистонликларнинг ғалабаси билан якунланди.
Ўйинда ҳисобни биринчи бўлиб меҳмонлар очишди. Саболч Хусти 23-дақиқада немисларни олдинга олиб чиқди. Кейин эса, катта саҳнага "Анжи" футболчилари чиқишди. Самуэль Это'О учрашувнинг 34-дақиқасида ҳисобни тенглаштирди. Жамоалар танаффусга 1:1 кўринишида чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда, аниқроғи 48-дақиқада ҳамюртимиз Одил Аҳмедов жамоасининг иккинчи голини уришга муваффақ бўлди. Киритилган голдан руҳланган майдон эгалари 64-дақиқада Буссуфа томонидан учинчи голни ҳам уришди. Натижада "Анжи" ишончли тарзда ғалаба қозонди.
"Анжи” клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов Европа лигаси 1/16 финалидан сўнг журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди.
— Аввалига оғир бўлди, ҳар ҳолда мавсумдаги биринчи учрашув. Гол ўтказиб юбордик... Аммо кейин бахтимизга вазиятни ўнглашга муваффақ бўлдик. Ўзаро ўйинимизни яхшилаб, голлар киритдик.
— Ҳисоб ўйинга яраша бўлдими?
— Менимча, ҳа. Энг муҳими ҳозир бўшашмаслик. Олдинда ҳали Германиядаги жавоб ўйини кутиб турибди. Бу ҳақида кийиниш хонасида Гус Хиддинк гапирди. Фақат Ганновердаги жавоб ўйинидан кейин бизни тарбиклаш мумкин.
— "Анжи” бугун учта таянч ярим ҳимоячиси билан ўйнади.
— Агар Хиддинк шундай қарорга келган экан, демак шундай қилиш зарур. Кўриб турганингиздек натижага эриша олдик.
— Ўйин охирида нимагадир жамоангиз сустлашиб қолди ва меҳмонларга вазиятлар яратишга имкон берди.
— Қайтариб айтаман, бу бизнинг илк расмий ўйинимиз. Биз шунчаки ҳали 90 дақиқа ўйнашга тайёр эмасмиз, - дейди Аҳмедов.
Европа Лигаси, 1/16 финал
"Анжи" Россия – "Ганновер 96" Германия 3:1
Голлар: 0:1 – 22 Хусти, 1:1 – 34 Это′О, 2:1 – 48 Ахмедов, 3:1 – 64 Буссуфа.
"Анжи": Габулов, Ешенко, Ж.Карлос, Эвертон, Жирков, Л. Диарра, Аҳмедов, Жусилей, Буссуфа, Виллиан (Карсела-Гонсалес, 85), Это′О.
"Ганновер 96": Цилер, Шахед, Журу, К. Шульц, Поконьоли (Пандер, 79), Шмидебах, С. Пинту, Шлаудрафф (Абделлауе, 67), Хусти, Я Конан, Диуф (Собех, 71).
Огоҳлантириш: Жирков (68).