Ўтиб кетган қишки трансферлар мавсумида бир қатор Европа клублари айрим трансферларга улгура олишмади ёки ёзгача ўйлаб кўриш учун муддат олишди. Бундай ҳолат деярли барча чемпионатларда кузатилди.
Бизни қувонтирган бир воқелик бўлдики, у ҳақида айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Аниқ ва ишончли манбалардан (ҳозирча номи ошкор қилинмаслиги ҳақида келишиб қўйилган) олинган хабарларга қараганда, ҳамюртимиз Одил Аҳмедов билан Англиянинг "Ливерпуль" клуб жиддий қизиқмоқда. Ҳатто, уларнинг вакиллари айнан Аҳмедовнинг ўйинини кузатиш учун махсус Москвага ташриф буюришган ва ярим ҳимоячимизни бевосита стадиондан кузатишган. "Ливерпуль" вакиллари ён дафтарларига нималарнидир белгилаб олишган ва жим-житликни маъқул кўришган.
Лекин, масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Футболчимизнинг бошқа клубга ўтиб кетишини "Анжи" клуби хўжайини шахсан Сулейман Керимовнинг ўзи истамайди. Агар бу евромавсумни "Анжи" ва Аҳмедов муваффаққиятли ўтказса, Ўзбекистон термасининг футболчисига клуб янги ва яхшироқ шартнома таклиф қилади. Буниси ҳақиқатга анча яқин.
Хуллас, шунинг ўзи ҳам биз учун катта эътирофдир. Аҳмедовнинг фаолиятига кўз тегмасин деганча, унинг ишларига зафарлар тилаб қоламиз.
P.S.
"Ливерпуль" Аҳмедов учун 7-9 миллион евро беришга рози, деган хабарлар ҳам бор. Ушбу трансфердан "Пахтакор" клубига ҳам бонус пуллари тегиши мумкин.
Манба: uff.uz