Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фуқаролардан велосипедларни оммавий тарзда олиб қўйиш бўйича рейдлар ўтказишни бошлади.
Велосипедчилардан уларнинг транспорт воситасини олиб қўйишдан ташқари, 26,5 минг сўмдан жарима ҳам солинмоқда, деб ёзади «Новий век» газетаси.
Хабарларга қараганда, велосипедларни ижарага берувчи шохобчаларга ўз бизнесларини тўхтатиш тавсия қилинган. Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, велосипедлардан фойдаланишни чеклаш бўйича тадбирлар якшанба куни бошланган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари оғзаки кўрсатмага асосланиб иш кўришмоқда.
Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходимининг маълум қилишича, ушбу чора-тадбирлар велосипедчилар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони кўпайиб кетгани билан боғлиқ.
Газетанинг ёзишича, велосипедлар унинг эгасининг ёши ва қаердалигидан қатъий назар олиб қўйилмоқда. Хусусан, Чилонзор туманида жойлашган велопрокатлардан бирининг эгаси берган маълумотларга кўра, унинг бир неча мижозларидан велосипедлар улар «Ҳамза» метро бекати ёнидаги йўлда гаплашиб туришган вақтда олиб қўйилган.
Маълумотларга кўра, милиция ходимлари учта автомобилда келиб, ҳеч нима демасдан мижозлардан велосипедларни тортиб олишган, ўзларини эса милиция бўлимларидан бирига олиб кетишган. Келган машиналардан бири «Дамас» бўлиб, унга велосипедлар ортилган. Милиция бўлимига олиб борилган йигитлар 26,5 минг сўмдан жарима тўлашган.
Айтиш жоиз, Тошкент шаҳрида велосипедлар ҳайдаш тахминан икки йилдан буён оммалашиб кетди. Юзлаб одамлар велосипедда шаҳарни сайр қилишни хуш кўрадилар. Пойтахтимизда велосипедларни ижарага берувчи ўнлаб шоҳобчалар очилган. Manba: www.darakchi.uz
|