Дилфуза Раҳимова, Отабек Муталхўжаев, Дилшод Раҳмонов, "Уммон” ва "Манго” гуруҳлари хонандаларининг лицензиялари амал қилиш муддати тугатилди.
Бу ҳақда "Ўзбекнаво" бирлашмаси матбуот хизмати хабар берган. Хабарда таъкидланишича, миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгашининг 2013 йил 23 март куни ўтказилган "Ўзбек эстрада санъатининг ривожланиш жараёнлари ҳақида”ги 2-сон йиғилишида ҳукумат томонидан эстрада санъати соҳасида фаолият юритаётган ижодкорлар учун шарт-шароитлар яратилгани қарамасдан, кўпгина эстрада хонандалари бундай имкониятлардан тўғри фойдаланиш ўрнига уни суиистеъмол қилаётганлиги танқид қилинган. Бундан ташқари, ёш хонандалар айниқса, унвон олган хонандаларда талабчанлик йўқолиб, ҳотиржамликка, ўзибўларчиликка берилишаётгани, аксар холларда хонандаларининг репертуаридан ўрин олган қўшиқлар мазмунан саёзлиги, бадиий жиҳатдан бўшлиги, мусиқаси ва ижро маҳорати талаб даражасида эмаслиги, хонандалар асосан тўй-ҳашамлар билан банд бўлиб, янги ижод намуналари яратишга етарли эътибор қаратмаётганлиги, шунингдек, миллий-маънавий қадриятларга, одоб-аҳлоқ меъёрларига ва менталитетга зид бўлган қўшиқлар яратиб, эфирга узатилаётганлиги ҳам кескин қораланган.
Мазкур йиғилишда берилган вазифаларнинг ижроси мониторинг қилинганда бир қатор хонандалар ўз вақтида янги асарлар тақдим этганлиги ва аксинча, баъзи хонандалар қарор ижросини таъминламаганлиги, бу орқали эса Лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланган.
"Ўзбекнаво"дан хабар беришларича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 июнь "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-1984-сон Қарори мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етмай, байрам тантаналари учун янги қўшиқ тайёрлаш борасида жиддий камчиликка йўл қўйган бир қатор эстрада хонандаларига берилган лицензиянинг амал қилишини тугатиш ҳамда баъзи хонандаларни огоҳлантириш мақсадида "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосланиб, жорий йилнинг 18 июнь куни Бирлашманинг МР-11/1-сон буйруғи қабул қилинган.
Мазкур буйруққа асосан:
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, "Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод Раҳмонов, "Уммон” ва "Манго” гуруҳлари хонандаларининг лицензиялари амал қилиш муддати тугатилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Иззатилла Ибрагимов, Собиржон Мўминов, Алишер Турдиев, Равшан Комилов, Тоир Қўзиев, "Ниҳол” мукофоти совриндори Ҳулкар Абдуллаева ва хонанда Фарҳод Саидов қаттиқ огоҳлантирилди ҳамда уларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун 1 июлга қадар муддат берилди. Manba: Даракчи.уз
|