Гиёҳванд моддалар тарқатгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган Эрон фуқароси Алиризо М. (тўлиқ фамилияси маълум қилинмаган) қатлдан кейин тирик қолди. Жазо ижро этилганидан сўнг, 37 ёшли жиноятчининг танаси 12 дақиқа сиртмоқда осилиб турган ва кейин моргга юборилган. Эртаси куни морг ходимлари расман ўлган деб эълон қилинган одам нафас олаётганини кўриб ҳайрон қолган. Шундан сўнг Алиризо касалхонага жўнатилган.
Ҳозир ҳукуматдагилар юзага келган вазиятда нима қилиш кераклигини ҳал этмоқда. Эрон адлия вазири оятулло Содиқ Ларижоний маҳкумни қайтадан дорга тортиш ёки жазо чорасини ўзгартириш керак-керак эмаслигини ҳал қилиши лозим. "AFP” қайд этишича, бу борада эронлик ҳуқуқшуносларнинг фикри икки хил. Уларнинг бир қисми жиноятчини такроран дорга осишни талаб этмоқда. Уларнинг фикрича, ўлимга ҳукм қилинган жиноятчи ўлиши керак. Бошқалар эса тирик қолган банданинг жазоси алмаштирилиши лозим деб ҳисобламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, ҳеч бир қонун одамни икки марта қатл этишга йўл қўймайди. Ҳозир мамлакатда Алиризонинг жазосини бошқасига алмаштириш бўйича имзолар тўпланмоқда.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи "Amnesty International” халқаро ташкилоти Эрон ҳукуматини зудлик билан ўлим жазосига мораторий эълон қилишга чақирди, чунки ушбу жазо чораси инсонпарварлик тамойилларига мутлақо тўғри келмайди.
Manba: Даракчи.уз
|