Хоразмда "Дамас” русумли автомобиллар ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Пўлат Бобожонов "XXI Аср" газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
"Машинасозлик, электротехника ва бутловчи қисмлар сохасида умумий қиймати 207,1 миллион АҚШ долларига тенг 33 та лойиха тайёрланмоқда. Биргина «Ўзавтосаноат» компанияси 16 та лойиха доирасида 780 та янги ишчи ўрни яратади. Бундан ташқари йилига 40 минг дона «ДАМАС» русумли автомашина ишлаб чиқариш ва улар учун йилига 40 минг дона бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади”, - дейди Бобожонов.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, «2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салохиятини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги Президент қарорига асосан 2013-2015 йилларда Хоразмда жами 253 та лойиха амалга оширилиб, вилоят иқтисодиётига 462 миллион доллар миқдоридаги инвестиция жалб этилиши натижасида 8870 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида жами 120 миллион долларлик 213 та лойихага биноан 2270 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Дастурда белгиланган лойихалар амалга оширилиши натижасида саноат махсулотлари ишлаб чиқариш хажми 2015 йилда 2012 йилга нисбатан 2,1, озиқ-овқат махсулотлари 1,7, қурилиш материаллари 4,4, машинасозлик ва кимё саноати сохасида 7,3, ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш 2,6 ва бошқа тармоқларда саноат махсулотлари ишлаб чиқариш хажми 1,3 баробарга ўсиши кутилмоқда.