2013 йил 25 апрель куни Тошкентдаги "Бунёдкор” стадионида "Ҳаёт учун!” хайрия футбол учрашуви бўлиб ўтди. ЎЙИНГОҲГАЧА Стадионга келаётган мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида ўйингоҳ атрофидаги автомобил йўлларида ҳаракат тўхтатилди. Мухлислар эса кўчаларни тўлдириб «Ҳаёт учун» олға қадам ташлаб ўйингоҳга шошилишарди. Бу тадбирдан бехабар одам бугун стадионда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳал қилувчи ўйини бўлаётгандек ҳис этиши аниқ эди. Очиғи "Ҳаёт учун" хайрия акцияси каби эзгу ишга юртдошларимиз лаббай деб жавоб бераётганини, халқ орасида фаол, жамиятпарвар кишилар кўпаётганини, хайрли ишга ўз хиссасини қўшиш билан савоб ишга қўл ураётганлар сафи тобора кенгайиб бораётганидан роса қувондик.
СТАДИОН Футбол шоусида бевосита қатнашиш орқали "Ҳаёт учун!” хайрия форум-марафони иштирокчиларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган минглаб спортсевар мухлислар ўйингоҳни тўлдиришган. Бу йилги "Ҳаёт учун!” хайрия форум-марафони ва хайрия футбол ўйинининг минтақавий босқичлари 27 мартдан 18 апрелга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятда бўлиб ўтди. "Келажак овози” ёшлар ташаббуслари марказининг "Биз – бир жамоа, биз – бир оила!” акцияси билан биргаликда ўтказилган тадбирларда аҳолининг барча қатлами вакиллари, жами 220 мингдан зиёд киши иштирок этди.
Тадбирнинг асосий қахрамонлари – актёрлар, қўшиқчилар, ижодкорлар эса стадионга кириб улгурмасдан ОАВлари қуршовида қолишди.
Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон халқ артисти: - Ўтган йили сафарда бўлганим сабаб қатнаша олмагандим. Кейин телевизорда кўриб жуда ҳавас қилгандим. Шунинг учун бу гал ўтган йилнинг ҳиссасини чиқариб, икки баробар кўпроқ ўйнайшга ҳаракат қилдим. Очиғи, бу тадбир халқимизни эзгу ишларга бўлган иштиёқини янада ошириб, ҳатто ёшларни ҳам шу эзгу қадриятларни давом эттиришга ундайди деб ҳисоблайман.
БОШЛАНДИ Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси васийлик кенгаши раиси Г.Каримова 2010 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу анъанавий ижтимоий акция аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади. Салкам 34 минг нафар мухлисни ўз бағрига сиғдирган Бунёдкор стадионидаги ўйинда анъанага кўра, тўпни биринчи бўлиб Гулнора Каримова тепиб берди.
ЎЙИН Шундан сўнг майдонга театр ва кино ижодкорлари, санъаткорлар, спортчилар ҳамда "Келажак овози" ёшлар ташаббуслари маркази аъзоларидан иборат жамоалар кириб келди. Футбол ўйинлари 3 та ўйиндан иборат бўлди. Тўрт жамоа аввал ярим финалда ўзаро куч синашди. Ғолиб бўлган жамоалар эса кубок учун баҳс олиб боришди. Дастлаб "Келажак овози" ЁТМ фаоллари ҳамда мусиқий гуруҳлар: "Зарба", "Саҳро", "Арсенал", "Уммон", "Марказ", "Беном", "Манго" ҳамда "Фаёз" йигитларидан ташкил топган "Тинғир-Тинғир" командаси ўзаро кураш олиб борди. Ушбу баҳсда "Келажак овози" жамоасининг қўли баланд келди ва финалга йўл олди.
Иккинчи ярим финалда эса Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Шукурулло Исроилов, Жаҳонгир Позилжонов, Валижон Шамсиев, Алишер Узоқов, Азиз Раметов каби "футболчилардан" таркиб топган "Ҳижолат" актёрлар клуби Улуғбек Рахматуллаев, Самандар Ҳамроқулов, Алишер Файз, Алишер Рўзметов каби эстрадачи-футболчиларнинг "Бирровчилар" жамоасига қарши кураш олиб борди. Тенг курашлар остида кечган мазкур ўйинда ғолиб жамоа пеналтилар сериясида аниқланди ва унда актёрларнинг қўли баланд келди.
ТАНАФУС Шу куни эркак ижодкорлар футбол билан банд бўлишди, лекин аёллар ҳам қараб туришгани йўқ. Улар ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаган ҳолда йиғилган мухлисларни ўз қўшиқлари билан ҳушнуд этишди. Нилуфар Усмонова, Лола, Шаҳзода ва бошқа аёл хонандалар тадбирнинг фаол иштирокчисига айланишди.
ФИНАЛ Финалга йўл олган "Келажак овози" ва "Ҳижолат" жамоалари кубок учун баҳсга киришишди. "Ҳаёт учун" кубогини қўлга киритишни мақсад қилган ҳар икки жамоа бор маҳоратини ишга солди бироқ ҳеч қайси бир томон ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олмади. Шу боис яна пеналтилар сериясига навбат берилди. Ўзига хос лоторея ўйинида эса омад "Келажак овози" ёшларига насиб этди.
ТАҚДИРЛАШ Ғолиб жамоага "Ҳаёт учун" кубоги ва олтин медаллар топширилди. Медалларни ўзбек футболининг ёрқин намоёндалари Биродар Абдураимов, Азамат Абдураимов, Миржалол Қосимов, Игорь Шквиринлар тақиб қўйишди. КУбокни эса ғоя муаллифининг шахсан ўзи - Гулнора Каримова топширди. Шунингдек у кўкрак саратони касаллиги билан курашиш дастури учун ўз ҳисобидан 10 миллион сўм тақдим этди. Футбол учрашуви қатнашчилари ҳам "Ҳаёт учун" Ассоциациясига 30 миллион сўмлик чекни топширишди.
Муаллифлар: Бахтиёр Иноғомов, Дилфуза Собирова Суратлар муаллифи: Равшан Дадабоев Manba: www.darakchi.uz
|