Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов Тошкент шаҳрида йўл транспорт ходисаси туфайли ҳалок бўлди.
Воқеа 2013 йил 8 май куни эрталаб соат 05:00 да содир бўлган. Қизил рангли «Форд Мустанг» машинасини бошқариб кетаётган Бобур Усмонов Навоий кўчасида жойлашган «Шедевр» супермаркети олдида, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг рўпарасида йўл четидаги панжарага катта тезликда келиб урилган, деб хабар беради "Лайф Ньюс".
Бахтсиз воқеа сабаб машина салонида бўлган Кристина Юлдашева Камиловна исмли аёл ҳам қурбон бўлган.
Хабарларга кўра, Бобур Усмонов холасининг қизи Асал Нарзиеванинг никоҳ тўйини ўтказиш учун шу ҳафтада Тошкент шаҳрига келган эди.
Бобурнинг ҳалок бўлганини Алишер Усмоновнинг рафиқаси Ирина Винер ҳам тасдиқлаган. «Афсуски, шундай, Бобур ҳалокатга учрагани рост», — дейди Винер.
Маълум қилишларича дафн этиш маросими ўша куннинг ўзида ўтказилган. Бобурнинг жасади Тошкентдаги "Минор" қабрстонига дафн этилди. Маросимда иштирок этиш учун Алишер Усмонов ҳам етиб келган.
30 ёшли Бобур Усмонов россиялик миллиардернинг энг севимли жияни ҳамда асосий меросхўрларидан бири эканлиги айтилмоқда. У Усмоновнинг кичик укасининг ёлғиз ўғли эди. Ўгай ўғил Антон Винерни ҳисобга олмаганда Алишер Усмоновнинг бошқа фарзанди йўқ. Шу боис ҳам у Бобурни ўз ўғлидек яхши кўргани айтилади. 2009 йилда уйланган Бобурнинг бир яшар қизи бор эди, деб хабар беради интернет нашрлари.
Маълумотларга кўра, Усмоновлар жиянининг тўйи 11 майда бўлиб ўтиши керак эди. Manba: www.darakchi.uz
|