Халқ артистлари "Уммон" ва Муниса Ризаева ижросидаги "Во ажаб" дуэтини қайта ижро этиб, агар исташса улар ҳам хохлаган жанрда ижод қила олишларини кўрсатиб қўйишмоқчи бўлган кўринади. Ўзбек эстарада санъатида ижод қилаётган ёш хонандаларнинг жонли ижро этолмаслиги, мазмунсиз матнларни қўшиқ қилиб куйлашини танқид қилиш кейинги йилларда одатий ҳолга айланиб бормоқда, бироқ бу танқидлардан бирор ўзгариш кузатилаётгани йўқ. Аксинча, кун сайин ана шундай "санъаткорлар" кўпайиб бормоқда. Яқиндагина шоу-бизнесга кириб келган хонанда Муниса Ризаева ва "Уммон" гуруҳи ҳам шу каби ёш ижрочилардан ҳисобланади. Лекин буни қарангки, қисқа фурсат ичида улар нафақат ўз мухлисларига эга бўлишди, балки устоз санъаткорларни ҳам ўз домларига оғдира олишди. Гап шундаки, Янги йил арафасида Муниса ва Уммончиларнинг "Во ажаб" деб номланган дуэт қўшиғи мухлислар эътиборига тақдим этилганди. Қисқа фурсатда ёшлар орасида оммалашган ушбу қўшиқни яқинда Ўзбекистон ҳалқ артистлари Ғуломжон Ёқубов ва Муножот Йўлчиевалар дуэт қилиб ижро этишди. Очиғи, шу пайтгача ўзбек шоу-бизнесида бундай воқеа рўй бермаганди. Ёш хонандаларнинг профессионал ижрочилар репертуарига мурожаат қилиши кўп учрайди, лекин бунинг тескарисини шу пайтгача кузатилмаганди. Афтидан, устоз санъаткорлар ёшларга қўшиқни қандай ижро этиш кераклигини, ёки улар ҳам исталган жанрда ижод қила олишларини кўрсатиб қўйишмоқчи бўлган кўринади. Эътироф этиш жоиз, Ғуломжон Ёқубов ва Муножот Йўлчиева ижросидаги "Во ажаб" қўшиғи аслидагидан асло қолишмаган, аксинча сўларини лўнда-лўнда ва аниқ талаффуз қилишда устозлар ҳақиқатдан намуна кўрсатишган. Бунга қўшиқни тинглаб кўриб ўзингиз ҳам амин бўлишингиз мумкин.
Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон халқ артисти: "Мазкур қўшиқ "tvm” телеканалидаги "Ошга марҳамат” кўрсатувининг байрам сони учун ҳазил тариқасида айтилган эди. Баъзида биз ёшларни танқид қилсак бундай қўшиқларни куйлашнинг ҳам ўзига яраша мураккаб жиҳатлари борлигини айтишади. Биз эса бу қўшиқ орқали ҳамма йўналишдаги қўшиқларни куйлай олишимизни исботладик. Қани энди навбат ёшларга. Улар ҳам бизнинг қўшиқларни куйлаб кўришсинчи?".
|