Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификатори тўртта янги лавозим билан тўлдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги 181-сонли қарори билан тасдиқланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан қўшимчалар киритилди (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 5 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2421).
Республика корхоналари штат жадвалига инновациялар менежери, инсон ресурслари бўйича менежер, кадрлар бўйича менежер ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича менежер лавозимлари киртилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги 181-сонли қарорига мувофиқ қатор вазирлик ва идоралар таклифига биноан ва меҳнат бозорини таҳлил қилиш натижасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига Классификаторни кўриб чиқиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди. Мазкур ҳужжатга асосан, републикадаги барча ташкилотлар ходимлар лавозимлари ва ишчилар касбларининг номларини, жумладан, меҳнат дафтарчасига ёзувлар киритиш жараёнида ҳам Классификаторга мувофиқ қўллашлари зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилган барча давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан зиёд бўлган муассасаларга ишга қабул қилишда таълим даражасига қўйиладиган минимал талаблар ичида Классификатор бўлиши шарт. Бошқа ташкилотлар учун Классификатор бу ўринда тавсиявий характерга эга. Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги мажлисида расман эълон қилинган кундан - 2013 йил 11 февралдан кучга кирган.
Manba: www.darakchi.uz
|