Корея Халқ Демократик Республикаси Президенти Ким Чен Ин АҚШ ва Жанубий Кореяга қарши қўлланиладиган стратегик ракеталар тайёрлашга буйруқ берди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг тарқатган хабарларига қараганда, Шимолий Корея раҳбари мамлакат халқ армиясининг бу ҳақдаги режасини имзолаб, АҚШ материк қисмига, Тинч океанидаги ҳарбий базаларга, шунингдек, Гавайи ва Гуам ҳамда Жанубий Кореяга исталган вақтда ҳужум уюштиришга тайёр туришни буюрган.
Маълумотларга кўра, Шимолий Корея ҳарбий қисмларида ўрта ва катта масофага ҳаракатланадиган ракеталар фаол ҳолатда турибди. Мамлакатнинг ҳужумга шайланишига АҚШ ва Жанубий Корея томонидан ҳарбий ўқув машғулотлар ўтказилгани важ бўлган.