БААнинг Ал-Айн шаҳрида дунё шаҳарлари шахмат жамоалари ўртасида ўтказилган халқаро турнир ўз якунига етди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек турнирда пойтахтимизнинг "Тошкент” жамоаси ҳам иштирок этди ва кучли рақибларни доғда қолдирган ҳолда мусобқда 4-ўринни қўлга киритди. Вакилларимиз бронза медали учун кечган баҳсда Сербиянинг "Нови Сад” жамоасига қарши дона суришди. Саидали Йўлдошев Николай Седлак устидан ғалаба қозонди, Алексей Барсов ва Андрей Квон эса мос равишда Милош Перунович ва Роберт Маркус билан дуранг ўйнашди, Марат Жумаев эса Иван Иванишевичга имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа "Тошкент” ва "Нови Сад” ўртасидги ҳисоб 2:2 бўлди, бироқ қўшимча натижаларга кўра чемпионатнинг бронза медали рақиб жамоага насиб этди. Мусобақа финалида Хогевен (Голландия) жамоаси Боку (Озарбойжон) жамоаси устидан 2,5:1,5 ҳисобида устун келиб жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Эслатиб ўтамиз, мусобақада дунёнинг 24 жамоаси 6 гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этди. Вакилларимиз гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб, плей-оффда «Астана» (Қозоғистон) жамоасини 2,5:1,5 ҳамда чорак финалда "Афина” (Греция) жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Ярим финалда вакилларимиз бўлғуси чемпионлар "Хогевен” (Голландия) шахматчиларига 1:3 ҳисобида енгилишди.