Хитойнинг Хэнань туманида пиротехника воситалари олиб кетаётган юк машинасининг портлаши оқибатида автомобиль кўпригининг катта қисми вайрон бўлган, деб хабар беради РИА Новости.
Бунинг натижасида кўприкдаги 20га яқин автомобиллар пастга қулаб тушган. Уларнинг аксарияти юк машиналари экани айтилмоқда. Полиция ходимларининг сўзларига кўра, фожеа олти кишининг умрига зомин бўлган, аввалига 26 одам ҳалок бўлган, деб маълумот тарқатилган эди. «Синьхуа» агентлигининг хабар беришича, ўндан зиёд одам жароҳатланган. Портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.
Ҳодиса жойига 120 дан ортиқ қутқарув ҳамда 11 ўт ўчириш хизмати ходимлари жалб қилинган. Айрим кузатувчилар Ичан дарёси устидаги ушбу кўприкнинг қулаши юк автомобилининг портлашига сабаб бўлган, деган фикрни билдирмоқда. Айни вақтда воқеа жойида йўл ҳаракати тўхтатилган. Эслатиб ўтамиз, умумий майдони 160 метрли кўприкнинг 80 метрга тенг қисми вайрон бўлган. Унинг баландлиги қарийб 30 метрга тенг.